![](https://allergocenter.uz/wp-content/uploads/2023/12/photo_2023-10-24_18-29-19-1024x722.jpg)
🔬 Иммунитет заифлашиши — саломатлигимиз учун катта хавф. Бунда организмнинг турли касалликларга қарши курашиш қобилияти сусаяди. Аммо ҳаддан ташқари фаол иммунитет ҳам соғлик учун жиддий муаммо!
Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Илмира Разикова шу мавзудаги хулосаларини аллергик касалликлар билан боғлаган ҳолда баён қилди.
▶️ — Аутоиммун хасталиклар иммун тизими фаолияти издан чиқиши туфайли юзага келади, — дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор И.Разикова. — Ушбу патологияда тананинг ҳимоя қобилияти шунчалар тажовузкор бўладики, иммунитетимиз вирус ва бактериялар ўрнига, ўз организмимизга қарши курашишга киришади.
📌 Яъни тана ўз ҳужайраларини душмандай қабул қилиб, уларни йўқ қилувчи антитаналар ишлаб чиқара бошлайди. Шу тариқа ички аъзоларимизда яллиғланиш жараёни кечади. Энг ёмони, яллиғланиш қанчалик кучайса, иммунитет тизимидаги «қотил ҳужайра»ларнинг соғлом тўқима ва органларга «ҳужуми» шу қадар зўраяди.
🩺 Бу эса бора-бора псориаз, ревматоид артрит, тарқоқ склероз, ярали колит, қандли диабетнинг 2-тури, склеродермия, васкулит каби қатор аутоиммун касалликлар ривожланишига сабаб бўлади.
✅ Бундай патологияларнинг пайдо бўлиш омиллари ҳақида турли хулоса ва ёндашувлар мавжуд. Масалан, баъзи аутоиммун хасталиклар, хусусан, қизил волчанка ёш аёлларда эркакларга қараганда 10 марта кўп учрайди.
♻️ Айрим шундай касалликлар эса бир оила аъзоларида генларнинг тўсатдан мутацияси туфайли пайдо бўлади ёки ирсият орқали узатилади.
🔎 Қолаверса, қатор ташқи омиллар — қуёш нурлари, кимёвий моддалар сингари аллергенлар ҳамда вирус ва бактериялар аутоиммун жараёнининг ривожланишига мойиллик яратади.
📊 Ўрганишларга кўра, аллергик касалликларнинг тахминан 30-40 фоизи аутоиммун реакциялар билан боғлиқ. Бунда функционал аутоантитаналар семиз ҳужайралар ва базофилларнинг фаоллашишига, гистамин ҳамда бошқа яллиғланишга қарши моддалар ҳосил бўлишига олиб келади.
💊 Одатда касаллик қўзғалмаслиги учун иммунитет тизимини блокловчи дори-дармонлардан фойдаланилади. Аммо бу препаратлар, ўз навбатида, инсоннинг инфекцияларга қарши ҳимоя қобилиятини заифлаштириши мумкин.
‼️ Айни пайтда Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказимизда шундай дарддан азият чекаётган беморларда аллергик касалликларни энг илғор усулларда аниқлаш ва муолажа қилиш йўлга қўйилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.