![](https://allergocenter.uz/wp-content/uploads/2024/02/photo_2024-02-15_13-14-30-1024x1024.jpg)
▶️ Илмира Разикова,
Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори:
📈 — Ҳозир дунёда ҳар уч кишидан бири аллергиядан азият чекмоқда. Бу — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлили. Аммо глобал иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар кескинлашар экан, вазият янада хавотирли тус олиши табиий.
📌 Қолаверса, кимёвий қўшимча ва консервантлар билан бойитилган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли ортмоқда. Дори воситаларини ҳаддан ташқари кўп қабул қилаётганимиз — факт. Кам харакатлик, стресс каби омиллар иммун тизимини тобора заифлаштиряпти.
📊 Шу боис, ЖССТ 2025 йилга бориб, Ер юзи аҳолисининг тенг ярми аллергик касалликлар билан курашишига тўғри келади, деб прогноз қилган. Ҳатто баъзи тараққий этган мамлакатлар аллақачон ушбу чизиққа етиб улгурди.
📋 Бунга қарши самарали курашиш учун ўтган йил 23 ноябрда “Аллергик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
🔎 Ҳозир ушбу ҳужжат ижроси доирасида тиббиётнинг бирламчи бўғинидан бошлаб аллергик касалликларнинг эпидемиологик кўрсаткичлари устидан назорат кучайтирилмоқда ва манзилли скрининг текширувлари жорий этиляпти.
💊 Қолаверса, аллергик ва иммунологик касалликларга чалинган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган беморларни ингаляцион глюкокортикостероид дори воситалари билан бепул таъминлаш тизими йўлга қўйилиши юртдошларимиз учун катта ғамхўрлик бўлди.
🔬 Ҳудудларда аллергология ва клиник иммунология йўналишида юқори технологик ташхислаш ва даволаш амалиётлари турларини босқичма-босқич 10 турдан 20 тургача оширмоқчимиз.
💻 Бундан ташқари, аллергик касалликка чалинган беморларнинг электрон реестрини яратишга киришдик. Шу мақсадда ҳозир марказимиз ва унинг ҳудудий филиаллари мутахассислари билан биргаликда манзилли ўрганишларни ўтказяпмиз.
🏥 Жумладан, шу ҳафта бошидан муассасамиз етакчи шифокорларидан иборат ишчи гуруҳ Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида бўлдик. Ҳудуд кўп тармоқли марказий поликлиникаси ва қатор оилавий поликлиникаларда мақсадли скрининг текширувлари ташкил этилди.
🩺 Ўтказилган чуқурлаштирилган кўриклар давомида болалар ва катталар, ҳомиладор аёллар юқори малакали аллерголог шифокорлардан тиббий маслаҳат ҳамда стационар ва уй шароитида даволаниш бўйича кўрсатмалар олди. Лозим бўлган беморларга марказда имтиёзли даволаниш учун тавсиялар берилди.
‼️ Шунингдек, хизмат сафаримиз асносида Чирчиқ шаҳрида аҳолига ихтисослаштирилган аллергологик ёрдам кўрсатиш даражаси, мавжуд камчиликлар ҳамда имтиёзли даволаниш учун йўлланмалар бериш тизимида юзага келаётган муаммолар ўрганилди. Мутахассислар учун маҳорат дарслари ташкил этилди.
Ҳозир бундай тизимли ишлар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.