+99878 150 96 49; +99871 214 55 03; +99871 214 55 07 (дежур. врач)
allergocenteruz@gmail.com

АЛЛЕРГИК КАСАЛЛИКЛАРНИ ТАШХИСЛАШ ВА ДАВОЛАШГА ДОИР МАҲОРАТ ДАРСЛАРИ ТАШКИЛ ҚИЛИНДИ.

Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова бошчилигидаги бир гуруҳ малакали мутахассислар Хоразм вилоятида бўлдилар.

Содиқжон Содиқов

ТТА Урганч филиалида вилоятдаги бирламчи тиббиёт муассасалари шифокорлари учун аллергик касалликларга ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий услубларига доир ўқув семинар уюштирилди. Семинарни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Содиқжон Содиқов олиб борди. Профессор Илмира Разикованинг бронхиал астманинг оғир даражаси билан хасталанган беморлар билан ишлаш тактикасига доир кўргазмали маърузаси барчада қизиқиш уйғотди.

prof. Илмира Разикова

—Касалликнинг фенотипик хусусиятларини аниқлаш давр талабидир, шу асосда диагностика тестлари ўтказилиб, тахмин қилинган фенотипни тасдиқлашда мақсадли терапия ва йўналтирилган профилактика усулларини таклиф қилиш мумкин, — дейди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова. —Бугунги кунда марказимизда касалликка ташхис қўйиш ва даволашнинг янги услублари амалиётга жорий қилинмоқда. Бирламчи тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатувчи шифокорлардан аллергик касалликларга ташхис қўйишда зийраклик, маҳорат ва таҳлилларни тўлиқ ўтказиш талаб қилинади.

Семинар савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

Шу куни Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова, марказ мутахассиси Назифа Дустбобова, вилоятимизнинг малакали аллергологлари билан ҳамкорликда аллергик касалликларга чалинган беморларни тиббий кўрикдан ўтказдилар. Улар орасида бир яшар гўдаклардан то 70 яшар кексаларгача бор.

-Фарзандимизнинг анчадан бери бурни оқади, бугун Урганч шаҳрида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилаётганини эшитиб, келгандик. Тошкентлик профессор ўғлимизни кўрикдан ўтказди. Зарур таҳлилларни тавсия қилди. Шу ернинг ўзида таҳлилларни топширдик, УТТ ва бошқа текширувлардан ўтдик. Фарзандимизга аниқ ташхис қўйилди ва даволаш учун зарур тавсияларни олдик,-дейди Р. Шомуродова.- Профессор бизга фарзанд тарбиясида нималарга эътибор қаратиш, қандай таомлантириш, қандай кийинтириш кераклигини ҳам тушунтириб берди.

Семинар машғулотлари ва тиббий кўриклар туфайли маҳоратимиз янада ошди. Биз ҳам ўз фикрларимизни билдирдик, тажриба алмашдик,-дейди Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси аллергологи Гулнора Ҳайитбоева.- Кейинги йилларда аллергик касалликлар кўпаймоқда. Бу экологик омиллар, иммунитетнинг заифлашуви, дори-дармонларга ружу қўйиш, таомномаларимиздаги ўзгаришлар ва бошқа омиллар таъсиридир. Касални самарали даволашнинг асосий мезонларидан бири бу тўғри ташхислашдир. Тошкентлик мутахассислар билан биргаликда кўплаб беморларга тавсиялар бердик.

Тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш масаласига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли эндиликда беморларнинг нажот излаб олисларда сарсон бўлишига хожат йўқ. Мамлакатимизнинг малакали аллергологлари ташрифи ҳар томонлама фойдали ва самарали бўлди.

☎️+99 871 214 55 03
☎️ +99 878 150 96 49

📍Манзил: Тошкент шахри, Олмазор тумани, янги ТошМИ 8-бино, 1-қават.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *