+99878 150 96 49; +99871 214 55 03; +99871 214 55 07 (дежур. врач)
allergocenteruz@gmail.com

Бухорода бўлиб ўтган сайёр тиббий қабуллар минглаб беморлар дардига дармон бўлди!

5 июнь. Ғиждувон тумани. Бу ерга эрта тонгдан турли ёшдаги, турфа тақдир эгалари жам бўлган. Бирининг қўлида чақалоқ. Яна бири фарзандини етаклаб, бошқаси эса набираси етовида келган. Сал четроқда аравачада қимтинибгина навбат кутиб ўтирганлар ҳам кўзга ташланади. 

Ўғил-қизлар, эркак ва аёллар, отахону онахонлар… Барчасини бирлаштириб турган муштарак жиҳат бор: улар — бемор. Ҳар бири соғайишдан умидвор. Давлатнинг кўмагига муҳтож…

 Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотида белгиланган муҳим вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларидан сўнг Бухорода ўтказилаётган соғломлаштириш акциясининг яна бир муҳим куни бугун.

Ғиждувон ва унга қўшни туманлар аҳолиси бу ерга оммавий сайёр тиббий қабулда иштирок этиш учун йиғилган. Муаммоли масалалар билан келган мурожаатчиларни Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев шахсан қабул қилди.

 Шунингдек, вазирлик марказий аппарати жамоаси, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва шифокорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари ҳамда маҳаллий мутахассислар, жами 200 нафарга яқин махсус гуруҳ ҳам беморлар билан мулоқотга киришган.

Бунинг учун фуқаролар дастлаб рўйхатга олиниб, электрон тарзда тор соҳа мутахассислари кўригига йўналтирилди. Шунингдек, беморлар тиббий ёрдамга муҳтожлик даражасига кўра таснифланиб, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми туман, вилоят ва республика миқёсида белгилаб олинди.  

Қабул давомида вазир аҳоли мурожаатларини тинглаб, уларнинг муаммоли масалаларини жойида ҳал этиш чораларини кўрди.  Мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этиладиган, бироқ даволанишга имкони йўқ бир гуруҳ беморларга эса шу ернинг ўзида ордер расмийлаштирилди.

 Шунингдек, муҳтож фуқароларга эҳтиёжига кўра, ногиронлик аравачалари, тиббиёт ва дори-дармон воситалари бепул тақдим этилди. Ўз навбатида, туман тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, аҳоли саломатлигини асрашда хусусий тиббиёт муассасалари ўрнини янада мустаҳкамлаш, улар фаолиятига доир муаммоларни ижобий ҳал этиш, қолаверса, вилоятнинг олис ҳудудларида маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш, тез тиббий ёрдам хизматини мақбуллаштириш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. 

Бинобарин, акция доирасида пойтахтдан келган энг малакали ва тажрибали шифокорлар томонидан Республика шошилинч ёрдам илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда туман шифохоналарида оғир дардга чалинган, лекин даволанишга қурби етмайдиган беморларда давлат ҳисобидан қатор мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.

 Хусусан, акция бошлангандан буён саноқли кунлар ичида вилоят тиббиёт муассасаларида 100 дан зиёд ана шундай юқори технологик операциялар муваффақиятли бажарилгани қувонарлидир.

Куннинг иккинчи ярмида сайёр тиббий қабул манзили Вобкент туманига кўчди. Бу ерда Вобкент, Пешку, Шофиркон, Ромитан ва Бухоро туманларидан жам бўлган аҳоли вакиллари ўз саломатлигини тиклаш билан боғлиқ муаммоларига амалий ечим топдилар.  

Соғлиқни сақлаш вазири Вобкентда ҳам беморлар билан мулоқот ўтказиб, уларнинг саломатлигини тиклаш билан боғлиқ муаммоли масалаларига жойида ечим топиш юзасидан соҳа мутасаддиларига тегишли топшириқ ҳамда кўрсатмалар берди. Энг муҳими, бу хайрли тадбир юзлаб беморларга қайта ҳаёт, минглаб қалбларга умид ва ишонч бағишлади. 

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Бухоро вилоятида 249 та даволаш-профилактика муассасаси фаолият юритяпти. Улардан 187 таси амбулатор, 30 таси стационар шароитда тиббий хизмат кўрсатади. 13 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси мавжуд. 14 та вилоят даволаш-профилактика муассасаси, Жонгелди қишлоқ участка шифохонаси, Газли шаҳар касалхонаси, Мохи-Хосса туғуруқ комплекси аҳоли хизматида.  

Таҳлилларга кўра, ўтган йил якунида вилоятда умумий касалланиш кўрсаткичлари 15 ёшгача бўлган болалар ўртасида 6,8, ўсмирлар орасида 7,04 ҳамда 18 ёшдан катта аҳоли қатлами ўртасида 0,4 фоизга камайган. 

 Бироқ ҳудудда турли сурункали хасталиклар билан диспансер назоратида турган беморлар сони вилоят аҳолисининг 17,3 фоизини ташкил қилмоқда. Гарчи бу рақамлар 2020 йилдаги кўрсаткичлардан 5,6 фоиз паст бўлса-да, камайиш тенденцияси қониқиш ҳосил қилиш учун асос бўлмайди.

Бундай ўткир муаммоларни тизимли ва манзилли ҳал этиш учун эса бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолиятини яхшилаш, олис ва чегара туманлар аҳолисининг соҳага доир муаммоларини ўрганиш ҳамда уларга ижобий ечим топиш, узоқ маҳаллаларда тиббиёт пунктларини ташкил этиш каби қатор чора-тадбирлар талаб этилади.

 Бухорода бошланган соғломлаштириш акциясида айни шу масалалар ечимига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.