+99878 150 96 49; +99871 214 55 03; +99871 214 55 07 (дежур. врач)
allergocenteruz@gmail.com

❗️Озиқ-овқат аллергиясидан кўпроқ болалар азият чекади

Сут, тухум, балиқ, парранда гўшти, цитрус мевалар…. Буларнинг барчаси — минг дардга даво неъматлар. Таркибда ҳаёт учун зарур кўплаб витаминлар мавжуд.

Шунга қарамай, баъзи инсонлар бу шифобахш маҳсулотларни истеъмол қилса, ҳаёти ва саломатлиги хавф остида қолиши мумкин. Хўш, нега?

Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова билан шу мавзу, яъни озиқ-овқат маҳсулотлари аллергияси хусусида суҳбатлашдик.

— Озиқ-овқат аллергияси маҳсулотлар таркибидаги оқсиллар, баъзан оқисилсимон моддалар таъсирида вужудга келади, — дейди И.Разикова. — Уни маълум бир таом, егулик ёки ноз-неъмат истеъмолидан сўнг дарҳол пайдо бўладиган иммунитет тизими реакцияси сифатида баҳолаш мумкин.

Одатда аллергиянинг ушбу туридан кўпроқ болалар, хусусан эмизикли гўдаклар азият чекади. Катталарда эса хасталик нисбатан кам учрайди. Аллергиянинг асл сабаби иммунитетнинг генетик даражада бузилиши ҳисобланиб, у насл суради ёки фавқулодда пайдо бўлади.

Болалардаги касаллик ривожланишига кўпинча онанинг ҳомиладорлик ёки эмизикли даврида нотўғри овқатланиши сабаб бўлади. Айтайлик, аёл ҳомиладорлик пайтида ҳаддан зиёд кўп тухум истеъмол қилса, орадан маълум вақт ўтиб болада айнан шу маҳсулотга нисбатан аллергия пайдо бўлиши эҳтимоли мавжуд.

Бундан ташқари, чақалоқнинг кўкрак сути ўрнига, сунъий аралашмалар билан озиқлантирилиши ёки чала туғилиши, ошқозон-ичак тизими, ўт йўллари ёки жигар хасталиклари озиқ-овқат аллергиясини келтириб чиқарувчи омиллар сирасидан.

Қолаверса, сигир сути — аллерген маҳсулот. Таркибида 40 дан ортиқ оқсил гуруҳлари бўлиб, асосий қисми казеинлар ва зардоб оқсилларидан иборат. Унда аллергияга сабабчи бўлиши мумкин бўлган f2, Bos d 4, Bos d 5, Bos d 6, Bos d 8, Bos d 9, Bos d 10, Bos d 11, Bos d 12 аллергенлари мавжуд.

Уларга 2-3 фоиз эмизикли болаларда аллергия учрайди. Ўғил-қизлар 5 ёшга киргач, 80 фоизида мазкур ҳолат йўқолади. Олти ёшга келиб эса 100 нафар боладан 1 нафаридагина сигир сутига нисбатан аллергия кузатилиши мумкин.

Катталар ҳам баъзан бу турдаги аллергиядан азият чекади. Мисол учун, айрим кишиларда тамоларга ҳид, ранг ва таъм бағишлаш мақсадида солинадиган қўшимчалар, хусусан, сариқ-тилларанг кўриниш берадиган тартразин аллергик реакция пайдо қилади. Натрий нитрат, натрий глютамат ва салицилатларни ҳам шулар сирасига киритиш мумкин.

Озиқ-овқат аллергиясининг хатарли томони, аллергеннинг оз миқдори ҳам инсон ҳаётига хавф туғдириши, анафилактик шок ҳолатини келтириб чиқариши мумкин.

Хўш, яна қандай маҳсулотлар аллергияга сабаб бўлади?

(Давоми бор!)

☎️ +99 878 150 96 49
☎️ +99 871 214 55 03

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *