+99890 024 55 03
allergocenteruz@gmail.com

Экзоген аллергик альвеолит: Ўпкадаги яллиғланишлар қандай даволанади?

(Давоми)

Иситма, йўтал, нафас етишмовчилиги, ҳолсизлиқ, чарчоқ, мушаклардаги оғриқлар… Бу паррандачилик фабрикалари ишчилари, товуқбоқарлар ва қуш парваришловчиларда кўпроқ учрайдиган экзоген аллергик альвеолит белгилари бўлиши мумкин.

Аммо аҳоли орасида бу касаллик кўп кузатилмагани ва ўхшаш симптомлари боис, тиббий амалиётда унга кам ҳолларда ўз вақтида ва тўғри ташхис қўйилади.

Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова мазкур касалликни аниқлаш ва даволаш усуллари ҳақидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.

— Аввало, хасталикка тўғри ташхис қўйиш муҳим, — дейди профессор. — Бунинг учун шифокор бемор шикоятларини эшитиб, унинг қандай машғулот ёки юмуш билан шуғулланишини билиши керак.

Шундан сўнг аллерголог-иммунолог кўригидан ўтиш лозим. Мутахассис беморга қатор тиббий текширувларни буюради. Даставвал аллергенларни аниқлашга қаратилган қон таҳлили, кўкрак қафаси органларининг компьютер томографияси ўтказилади. Спирометрия, бронкоскопия, биопсия натижалари ўрганилади.

Агар беморда аллергик альвеолит шубҳа қилинса, ўпка ҳажми, ўпка тўқималарининг кислород ўтказувчанлиги даражаси аниқланади. Аниқ ташхисдан сўнг шифокор беморнинг ҳолати ва таҳлиллар натижаларига кўра, муолажа курсларини тайинлайди.

Биринчи босқичда бемор аллергенлар таъсиридан холи бўлиши шарт. Баъзилар шунинг ўзи билан, яъни дори воситаларидан фойдаланмай туриб ҳам дардидан халос бўлиши мумкин. Фақат бунинг учун ташхис ўз вақтида қўйилиши лозим. Қолаверса, бунда беморнинг тиббий таҳлил натижалари ҳам ҳисобга олинади.

Агар симптомлар давом этса, шифокор ўпка тўқималарида яллиғланишни бартараф этиш учун гормонал таблеткалар ва антифибротик дориларни буюради. Текширув чоғида бронхларнинг торайиши аниқланса, даволанишга бронходилататор препаратлар қўшилади.

Ўпканинг жиддий шикастланишида эса кислородли терапия тайинланиши мумкин. Хасталикнинг сурункали шаклида узоқ муддатли муолажа талаб этилади.

Чунки аллерген билан алоқа тўхтатилгандан кейин ҳам беморда симптомлар сақланиб қолади. Бу эса кўпинча ўпка тўқималарида тикланмас ўзгаришларни ҳосил қилади.

Ҳозир Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази ва унинг ҳудудий филиалларида ана шундай касалликларни аниқлаш ва даволаш самарали йўлга қўйилган.

+99 878 150 96 49

+99 871 214 55 03

Добавить комментарий