+99878 150 96 49; +99871 214 55 03; +99871 214 55 07 (дежур. врач)
allergocenteruz@gmail.com

❗️Мутахассис: Никелдан тайёрланган буюм ва жиҳозлар аллергик касалликларни келтириб чиқариши мумкин

Бугун аллергия эпидемияга қиёсланади. Чунки XXI асрда ер юзида энг кўп тарқалган ноинфекцион хасталиклар орасида шу турдаги касалликлар етакчи ва у дунё аҳолисининг 35-40 фоизида учрайди.

Хавотирли жиҳати, кейинги ўн йил ичида аллергиядан азият чекувчи беморлар сони 2 баробар ошган. Бу экологик муаммолар, нотўғри овқатланиш, дори воситаларини ҳаддан ташқари кўп қабул қилиш, кам ҳаракатлилик каби омиллар билан боғлиқ.

Аммо касалликни келтириб чиқарувчи яна шундай аллергенлар борки, улардан кўпчилик яхши хабардор эмас. Шулардан бири никель моддасидир.

— Дерматит хасталиги юзага келишида никелдан ясалган буюмларнинг таъсири катта, — дейди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова.

— Дунё бўйича 4 фоиздан қарийб 14 фоизгача кишиларда ушбу моддага нисбатан аллергия кузатилиши аниқланган. Ҳатто 4 мг. никель соғлом инсонларнинг 70 фоизида аллергик хасталикларни ривожлантириши тадқиқ этилган.

Шунингдек, 1 мг. никель сульфат дозаси илгари ушбу моддага сезгирлиги бўлмаган одамларнинг 40 фоизида дерматитни келтириб чиқариши эҳтимоли бор.

Айни сабабдан ўтган асрнинг 90-йилларида Европада буюм ва жиҳозлар тайёрлашда рухсат этилган меъёрдан ортиқ никелни қўллаш тақиқланган. Бироқ сезгир инсонларда ушбу металнинг паст кўрсаткичи ҳам аллергик реакция пайдо қилиши мумкин.

Бундан ташқари, мазкур хасталик аллергияга генетик мойиллиги мавжуд, болалигида астма ёки поллинозга чалинган беморлар ўртасида ҳам кузатилади.

Бугунги кунда никелдан ясалган ёки у билан ишлов берилган маҳсулотлар тури жуда кўп. Тақинчоғу акссесуарлардан тортиб ялтироқ қошиқлару кастрюлларгача, жамоат транспортидаги тутқичлардан то қўлимиздаги смартфонгача қайсидир даражада никелдан холи эмас.

Бу маҳсулотлар терига ишқалангач, терлаш оқибатида металл коррозияга учрайди. Натижада эркин никель ионлари ажралиб чиқиши туфайли аллергик реакция ҳосил бўлади ва шу жойда дерматит шаклланади.

Шифокорнинг таъкидлашича, одатда, аломатлар никель таъсиридан 12-48 соат ўтиб бошланади ва икки ҳафтадан тўрт ҳафтагача давом этиши мумкин. Хасталик белгилари, қизариш, тошма, қичишиш, турли доғлар, пуфакчалар кўринишида намоён бўлади.

Агар ўз вақтида тегишли даво чоралари кўрилмаса, жароҳатлар ўрни йиринглаши, ёрилиши, қорайиши мумкин. Никелга нисбатан аллергия бор-йўқлиги юзасидан клиник ташхис беморнинг касаллик тарихи асосида қўйилади. Бунинг натижалари эса махсус тиббий тестлар орқали тасдиқланади.

‼️Шу маънода, тақинчоқлар, бижутериялар, рўзғор буюмлари ва анжомларини танлашда, энг аввало, уларнинг ташқи жозибасига эмас, балки саломатлигимиз учун безиён эканлигига эътибор қаратишимиз лозим.

Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.