
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хулосасига кўра, XXI аср — аллергик касалликлар асри. Ҳозир ер юзида энг кўп тарқалган ноинфекцион хасталиклар тури шу. У дунё аҳолисининг 35-40 фоизида учрайди.
Хўш, бунинг сабаби нимада? Аллергик касалликларни аниқлаш ва даволаш борасида юртимизда қандай илғор тажриба ва ёндашувлардан фойдаланилмоқда?
Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова шу ҳақдаги фикр-мулоҳазлари билан ўртоқлашди.
— Жаҳонда кейинги ўн йил ичида аллергик касалликлар кўрсаткичи 2 баробар ошгани хавотирли ҳолат, — дейди И. Разикова. — Энг ёмони, унинг ўта оғир кечувчи янги турлари ҳам кўпаймоқда. Бу экологик муаммолар, нотўғри овқатланиш, дори воситаларини ҳаддан ташқари кўп қабул қилиш, кам харакатлилик каби омиллар билан боғлиқ.
Бундан ташқари, ҳозир оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда турли биологик актив моддалар рекламаларига зўр бериляпти. Аммо бу препаратлар баъзан аллергик касалликлар ривожланишига сабаб бўлаётгани аччиқ ҳақиқат.
Қолаверса, коронавирус инсоният бошига тушган оғир синов бўлди. Бу хавфли инфекцияга чалинганларни даволашда антибиотиклар, фермент ва гармон препаратлари, витаминлар, қон суюлтирувчи воситалардан кўп миқдорда фойдаланиш аллергик касалликларни авж олдириб юборди. Оқибатда анафилактик шок, токсикоаллергия, Лайелла ва Стивенс-Джонсон синдроми каби охири ўлим билан якун топадиган аллергик касалликлар кўпайди.
Марказимиз ана шундай хасталикларни профилактика ва диагностика қилиш ҳамда даволашга ихтисослаштирилган. Беморлар учун 45 ўринли стационар, консультатив ташхис кўйиш поликлиникамиз, аллергология, лаборатория, физиотерапия бўлимлари, “астма ва аллергия мактаби” фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда биокимёвий, клиник ва иммунологик лаборатория синовлари ўтказиляпти. Ўз навбатида, илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Беморларни текшириш ва даволаш учун юқори технологиялардан фойдаланамиз. Масалан, “Alisei” диагностика автомат анализатори Италияда ишлаб чиқарилган. Ҳозирча Ўзбекистон бўйича саноқли тиббиёт муассасаларидагина мавжуд.
У орқали тестлар энг илғор деб ҳисобланган “in vitro” усулида ўтказилади. Яъни бир пайтнинг ўзида 500 дан ортиқ антитаналарни аниқлаш имкониятимиз мавжуд. Унгача қўлланилган ярим автомат анализаторда бу кўрсаткичнинг максимал миқдори 90дан зиёд эди.
Шу билан бирга, ёш чекловлари йўқ. Текширувларни исталган пайтда ўтказса бўлади. Турли дори воситалари таъсири тест натижаларига тўсқинлик қилмайди. Бундан ташқари, шу каби замонавий технологиялар ёрдамида 200дан ортиқ турдаги аллергияларни аниқлаш имкониятига эгамиз. Ваҳоланки, 2-3 йил аввал ташхис қўйишимиз мумкин бўлган аллергия турлари 50-60 та эди, холос.
Келгусида Ҳиндистон давлати томонидан ажратилган 1,5 млн. долларлик грант маблағлари ҳисобидан марказимизга “Phadia 200” ҳамда “ISAAC” жиҳозлари келтирилиши режалаштирилган. Бу нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёда аллергология соҳасида янги диагностика усуллари қўлланилишига асос бўлади.
Манба:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.