
(Давоми).
Илмира Разикова,
Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори:
🩺 — Атопик дерматитни самарали даволаш учун, аввало, аниқ ташхис зарур. Аммо баъзи ота-оналар фарзандларидаги бу касаллик белгиларига ўз вақтида жиддий эътибор қаратишмайди.
💊 Қолаверса, ўзбошимчалик билан, шифокор тавсиясисиз турли дори-дармонларни қўллаш ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб туради.
🔬 Яна бир оғриқли муаммо тиббий амалиётда атопик дерматитга баъзан нотўғри ташхис қўйилишидир. Бундай вазиятда қўлланиладиган тиббий муолажалар оғир асоратларни келтириб чиқариши маълум. Оқибатда бемор тезроқ соғайиш ўрнига, аҳволи янада оғирлашиб, ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.
🥗 Атопик дерматит муолажасида дори-дармон терапиясининг ўзи етарли эмас. Аввало, соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш лозим. Овқатланиш рациони ва тери парвариши ҳам бу жараёнда катта аҳамият касб этади.
💉 Муолажа схемаси тошмаларни камайтириш, бактериал асоратларнинг олдини олиш, аллергенларга юқори сезувчанликни заифлаштиришга қаратилган.
💊 Бунинг учун шифокор тавсияси асосида антигистаминлар, яллиғланишга қарши ва антибактериал препаратлар, седативлар, витамин ҳамда минерал комплекслар, аллергияга қарши компонентлар қўлланилиши мумкин.
🍜 Қолаверса, касалликни даволашда парҳез терапияси ҳал қилувчи ўрин тутади. Бола таомномасидан аллергия қўзғатувчи маҳсулотларни чиқариш беморнинг тезроқ соғайишига хизмат қилади.
🧫 Ўз навбатида, атопик дерматитни даволашда интенсив намловчи ёки енгил қуритувчи таъсирга эга турли крем ва малҳамлардан ҳам фаол фойдаланилади.
🌡 Бу касаллик муолажасида ота-оналарнинг ёрдами ҳам катта роль ўйнайди. Масалан, бемор хонасида намлик даражаси камида 50 фоиз бўлиши, ҳарорат эса +22 даражадан ошмаслиги лозим.
📌 Кичкинтойлар териси парваришида косметик воситалардан минимал миқдорда фойдаланиш тавсия этилади. Чунки улар танада қичишиш белгиларини кучайтириб, терининг қуруқлашиши ёки аксинча меъёридан кўп намланишига сабаб бўлади.
❗️Aтопик дерматитдан азият чекадиганлар териси ташқи таъсирларга жуда сезгирдир. Бундай кичкинтойларга тез-тез чўмилиш ва кўп вақт сув ичида бўлиш тавсия этилмайди.
🧼 🚫 Ювинаётганда махсус юмшатувчи ва намлантирувчи воситалардан фойдаланиш керак, мочалка ишлатиш мумкин эмас.
👕 Иложи борича, тоза пахтадан тайёрланган кийимлар кийиш зарур. Юнгли, синтетик ва қаттиқ толали матолардан эса сақланиш лозим.
🚫 Шунингдек, атопик дерматити бор беморлар хонадонида чанг тўплайдиган буюм ва жиҳозлар сақланмаслиги муҳим. Кийимлар ёпиқ жойда туриши ва доимий тарзда чангюткичдан фойдаланиш керак.
‼️ Айни пайтда Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология марказида ушбу касалликни аниқлаш ва даволашнинг замонавий усуллари қўлланилмоқда.
Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.