+99890 024 55 03
allergocenteruz@gmail.com

Болалардаги тошмалар қандай касаллик белгиси бўлиши мумкин?

⛅️ Олдимизда куз. Ҳадемай салқин кунлар бошланади. Демак, мавсумий аллергик хасталиклар авж оладиган давр яқин. Шулардан бири — чақалоқлар, болалар ва ўсмирлар ўртасида кўп учрайдиган атопик дерматит.

❓ Хўш, бу касаллик ҳақида мутахассис нима дейди?

Илмира Разикова,
Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори:

📊 — Дунё бўйича ҳар тўрт боладан бири атопик дерматитдан азият чекади. Чақалоқларда пайдо бўладиган тери тошмаларининг 85 фоизгача қисми айнан ушбу касаллик аломати. Бундан ташқари, қизларда ушбу дард ўғил болаларга қараганда 1,5 баробар кўпроқ қайд этилиши аниқланган.

🔬 Халқ орасида «тери астмаси» деб аталадиган мазкур хасталик наслий характерга эга бўлиб, ота ёки онада атопия, аллергик касаллик борлиги қайд этилади. Тананинг турли қисмларида тошма ва қизариш билан кечадиган яллиғланиш ўчоқлари юзага келиши атопик дерматитга хос.

👶 Жажжи беморларда бу касаллик одатда 2-3 ойлигидан ривожланади ва 3-4 йил ичида йўқолиб кетади. Баъзи ҳолларда эса тошмалар умр бўйи сақланиб қолиши ҳам мумкин.

❗️Атопик дерматит тери касаллиги эмас, балки бола ички организми фаолиятидаги бузилишлар белгисидир.

‼️Кичкинтойларда бу хасталик келиб чиқишининг асосий сабаби озиқ-овқат аллергияси билан боғлиқ. Бундан ташқари, нафас йўллари орқали танага кирган аллергенлар ҳам тошмаларни пайдо қилади.

🩺 Қичишиш — касалликнинг асосий белгиси. У уйқуга ва бемор боланинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатиб, асабийлик ҳамда жиззакиликни келтириб чиқаради.

🔎 Тошмалар касаллик даражасига қараб турли кўринишда бўлиши мумкин. Ўткир босқичда улар ёрқин қизил рангга кириб, яллиғланиш жойига қон тўпланиши туфайли майда шишлар ҳосил бўлади.

✅ Хасталикнинг енгил ва ўрта босқичларида эса тошмалар оч қизғиш тусда намоён бўлади. Улар қуруқ бўлиши ҳисобига тез тўкилиб тушади. Тошмаларнинг кўпайиши эса аксарият ҳолларда терининг кийимга ишқаланиши оқибатида юз беради.

📌 Бундай яра-чақалар чақалоқларда асосан бош, бўйин ва кўкрак соҳаларида, болалар ва ўсмирларда эса тирсак ва тизза орқасида ҳамда бошқа тана аъзоларида кўп учрайди.

👫 Ёш болалардаги атопик дерматит, одатда, бир қатор аллергик касалликлар, шу жумладан, озиқ-овқат сезгирлиги, ринит ва астманинг илк аломати сифатида намоён бўлиши мумкин.

📈 Тошмалар совуқ кунларда кўпайиб, иссиқ мавсум бошланиши билан сезиларли даражада камайиши кузатилади.

👨‍👩‍👦‍👦 Атопик дерматит насл сурувчи хасталик эканлиги ўз исботини топган. Илмий хулосаларга кўра, агар ота ёки она худди шундай патологиядан азият чекса, унинг болада намоён бўлиш эҳтимоли 30-40 фоизга тенг. Агар хасталик ота-онанинг ҳар иккисида ҳам бўлса, хавф кўрсаткичи 70-75 фоизга ошади.

(Давоми бор!)

Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

Добавить комментарий