+99890 024 55 03
allergocenteruz@gmail.com

Халқаро болалар аллергологлари Тошкентда қандай масалаларни муҳокама қилди?

Пойтахтимизда болалар аллергологларининг II Халқаро илмий-амалий анжумани бошланди. Унда юртимизнинг етакчи аллерголог, дерматолог, педиатр, пульмонологлари билан бирга, Россия, Австрия, Беларусь, Украина, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларидан ташриф буюрган олимлар эштирок этмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари А.Алимов қайд этганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда мазкур соҳани такомиллаштириш юзасидан қатор янгиланишлар амалга оширилмоқда.

Бунда Президентимизнинг 2018 йил 11 майдаги “Аллергик касалликларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволашни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 октябрдаги “Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Халқаро молекуляр аллергология марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари дастуриламал бўляпти.

Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институтида аллергология ва клиник иммунология кафедраси ташкил этилиши, ординатурага қабул квотаси оширилиши, аллергология ва клиник иммунология мутахассислиги бўйича магистратура йўналиши очилиши муҳим янгилик бўлди.

Бундан ташқари, 2019 йилда Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази томонидан ишлаб чиқилган сўровномадан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда 18 ёшгача болалар учун Давлат скрининг дастури амалга оширилди.

Ўз навбатида, юртимизда илк бор 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ва ўсмирлар орасида аллергик касалликларнинг тарқалишини ўрганиш бўйича уч босқичли тадқиқот ўтказилди.

Болалар аллергик касалликларининг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро анжуман кун тартибидан ўғил-қизларда астма ва аллергия, озиқ-овқат аллергияси, молекуляр аллергология, болалар иммунологияси, бирламчи иммунодефицитлар, пульмонология, дерматология, ЛОР патологиялари каби мавзулардаги чиқишлар ўрин олган.

Бу орқали кичик ёшли беморларда аллергик касалликларга ташхис қўйиш ва даволашнинг мунозарали масалалари муҳокама этилиб, фикр ва тажриба алмашилади.

Шунингдек, конференция доирасида “Болаларда сигир сутига аллергия”, “Болаларда қаварчиқлар” мавзуларида маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилган.

+99 878 150 96 49

+99 871 214 55 03

Добавить комментарий