+99878 150 96 49; +99871 214 55 03; +99871 214 55 07 (дежур. врач)
allergocenteruz@gmail.com

Болалар ўртасида аллергик касалликлар нега кўпаймоқда?

Бугун дунё аҳолисининг ҳар 2-3 нафаридан бири шу дардга чалинган. Кимлардир гулларнинг ёқимли ифоридан баҳра ололмаса, баъзилар уй ҳайвонларидан узоқроқ юришга мажбур. Яна айримлар эса қайсидир ноз-неъматларни тановвул қилиши мумкин эмас. 

Аммо касалликнинг оғир шаклларида бемор ҳаёти хавф остида қолиши ҳам сир эмас. Янаям хавотирли жиҳати, бу хасталик кейинги пайтларда болалар ўртасида кўпаймоқда. 

Бунинг сабаб ва оқибатлари, профилактика ва даволаш йўллари хусусида Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова билан суҳбатлашдик.

Республика Илмий Ихтисослаштрилган Аллергология маркази директори профессор: Разикова Илмира Садуллаевна

— Авваллари бу турдаги хасталикларга ҳар доим ҳам тўғри ташхис қўйиш имкони бўлмаган, — дейди И. Разикова. — Президентимизнинг 2018 йил 11 майдаги “Аллергик касалликларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволашни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан сўнг ушбу соҳа “қайтадан туғилди”. Шу ҳужжат ижроси доирасида 2019 йилда марказимиз мутахассислари ва бирламчи бўғин тиббиёт ходимлари кўмагида 18 ёшгача бўлган болалар ўртасида аллергик касалликларни эрта аниқлаш бўйича бепул акция ўтказилди. 

Бунинг натижасида мавжуд вазият хавотирли экани маълум бўлди. ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда аллергик касалликларга чалинганларнинг 12 фоизгача қисмини болалар ташкил этади. Бизда эса бу кўрсаткич қарийб 2 баробар юқори, 21,4 фоизга тенглиги аниқланган. 

Бундан ташқари, гиподиагностика, яъни нафас сиқиш хуружлари бўлган кўплаб ўғил-қизларга “обструктив бронхит” сингари нотўғри ташхислар қўйилгани, устига-устак, ота-оналари томонидан ўзбошимчалик билан антибиотиклар, гормонал препаратлар берилгани жажжи беморлар аҳволи ёмонлашишига сабаб бўлган.

Аллеркик касалликлар — наслий хасталик. Ота ёки онадан бирида аллергияга мойиллик бўлса, 20-40 фоиз, агар ҳар иккисида бўлса, 60-80 фоизгача ҳолатда фарзандига ўтиши аниқланган. Шу сабабли марказимизда ҳозир атопия генларининг молекуляр генетик ва молекуляр аллергологик диагностикасини ўрганиш ҳамда касалликларнинг профилактика тизимини шакллантириш устида илмий иш олиб боряпмиз. Ушбу лойиҳамизга Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2 миллиард сўмга яқин грант маблағи ажратилган. Ўйлайманки, бу илмий изланиш ҳадемай ўз амалий натижасини беради.

Республика Илмий Ихтисослаштирилган Аллергология маркази лабораторияси мудири Йўлдошев Шобахром

Бундан ташқари, болаларда сут ва сут маҳсулотлари, тухум, ёнғоқ мойи, апельсин, шоколад, печенье, ерёнғоқ, соя, помидор, балиқ, буғдой сингари маҳсулотлар, турли консервант ва ранг берувчиларга бой ичимликлар, соуслар, музқаймоқ, печенье сингари озиқ-овқатлар, қолаверса, синтетик либослар ҳам аллергик реакциялар келтириб чиқариши аниқланган. 

Қайт қилиш, таомланишдан бош тортиш, ичак санчиқлари, ич кетиши, секин эт олиш, тумов, аксириш, нафас ва йўтал пайтида хуштаксимон товушлар, қайталанувчи бронхитлар, давомли ва доимий йўтал, теридаги тошмалар, таъсирчанлик, уйқу бузилиши, ғамгинлик, бош оғриғи каби симптомлар аллергик касаллик белгилари бўлиши мумкин. Албатта, бунга аллерголог шифокор томонидан ташхис қўйилади. 

Республика Илмий Ихтисослаштирилган Аллергология маркази мажлислар залидаги мажлис

Ҳозир болалар аллергологияси соҳасида муаммоларимиз ҳам бор. Халқаро экспертлар тавсиясига кўра, ҳар 50 минг нафар ўғил-қизга 1 нафар болалар аллергологи тўғри келиши керак. Бироқ мамлакатимиз бўйича бундай мутахассислар сони бор-йўғи 38 нафарни ташкил этяпти. Оқибатда жойларда уларнинг вазифасини кўп ҳолларда пульмонолог шифокорлар бажариб келишмоқда. 

Ана шундай хатоликларни бартараф этиш мақсадида марказимиз ва унинг вилоятлардаги филиалларида нафақат катталар, балки чақалоқ ва болаларни ҳам даволашни йўлга қўйдик. Соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида ёш мутахассисларимиз Австрия, Россия, Қозоғистон каби давлатларда билим ва тажриба орттириб қайтишмоқда. Ўз навбатида, аллергологларимизни марказимиз қошида очилган малака ошириш курсларида ўқитяпмиз.

Республика Илмий Ихтисослаштирилган Аллергология маркази лабораториясидаги мухокама

Ўйлашимча, келгусида Тошкент тиббиёт академиясида магистратура босқичида аллергология ва клиник иммунология йўналиши бўйича кадрлар тайёрлашни қайта йўлга қўйиш ҳамда клиник ординатура учун ажратиладиган квоталар сонини ошириш зарур. Бу Ўзбекистонда аллергик касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. 

Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.